Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ сўзлашгани ҳам бор. Айримларини эса бир неча даражаларга кўтариб қўйган. Марям ўғли Ийсога ҳужжатлар бердик ва уни Руҳул-Қудс (Жаброил) билан қўллаб-қувватладик. Агар Аллоҳ хоҳлаганда улардан кейин ўтган одамлар ҳужжатлар келганидан кейин уришишмаган бўлардилар. Аммо улар ихтилоф қилдилар. Улардан кимдир иймон келтирди, кимдир куфр келтирди. Аллоҳ хоҳлаганида, урушмас эдилар. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишини қилади.
Аллоҳ. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Тирикдир ва Қайюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар. Ўзи истагани бундан мустасно. Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган. У уларни муҳофаза қилишдан чарчамас. У энг Юксак ва Буюкдир.