Яҳудийлар: «Насронийлар ҳақ устида эмас», дедилар. Насронийлар: «Яҳудийлар ҳақ устида эмас», дедилар. Ҳолбуки, улар китоб тиловат қилурлар. Шунингдек, билмайдиган кимсалар ҳам уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар. Бас, уларнинг ўзаро ихтилоф қилиб ўтган нарсалари ҳақида Аллоҳ Қиёмат кунида ҳакамлик қилади.
Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни бузишга ҳаракат қилгандан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар у жойларга фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари керак эди-ку! Уларга бу дунёда хорлик, охиратда эса улуғ азоб бордир!
Билмайдиган кимсалар: «Аллоҳ бизга гапирса эди ёки бирор аломат келса эди», дейдилар. Улардан илгаригилар ҳам уларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтишган эди. Диллари бир-бирига ўхшайди. Биз оятларни аниқ ишонадиган қавм учун баён қилдик.