Сиздан яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам уларнинг миллатига эргашмагунингизча ҳаргиз рози бўлмаслар. Айтинг: «Аллоҳнинг ҳидоятигина ҳақиқий ҳидоятдир». Агар сизга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсангиз, сизга Аллоҳ тарафидан дўст ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмас!
Биз китоб (яъни Таврот, Инжил) ато этган зотлар орасида уни тўғри тиловат қиладиган кишилар ҳам бордирки, ана ўшалар (Қуръонга) иймон келтирурлар. Ва кимда-ким унга кофир бўлса, ўшалар зиён кўргувчилардир.
Ва биров биров томонидан ҳеч нарса ўтай олмайдиган, ҳеч кимдан бадал қабул қилинмайдиган, оқлов фойда бермайдиган ва ҳеч кимга ёрдам ҳам берилмайдиган кундан қўрқинг!
Эсланг: Иброҳимни Парвардигори бир неча сўзлар билан имтиҳон қилганида, уларни бенуқсон ҳолда адо этди. Шунда (Аллоҳ таоло): «Албатта, Мен сени одамларга имом қилгувчидирман», деди. «Зурриётимни ҳам-а?» - деб сўради у. (Аллоҳ таоло) айтди: «Менинг бу аҳдим (улардан) золим кимсаларга етмайди».
Эсланг: Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик ҳамда «Иброҳимнинг турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг», (дедик) ва Иброҳим билан Исмоилга: «Менинг байтимни тавоф қилгувчилар, ўша ерда ибодат қилиб турувчилар, рукуъ-сажда қилувчилар учун пок тутинглар», деб буюрдик.
Эсланг: Иброҳим: «Парвардигорим, бу шаҳарни осуда шаҳар қил ва унинг аҳлларидан Аллоҳга ва Охират кунига ишонувчиларини турли мевалар билан ризқлантир», деганида, Аллоҳ таоло: «Кофирларини ҳам бироз фойдалантириб, сўнгра дўзах азобига дучор қиламан. Бу энг ёмон оқибатдир», деди.