Айтингиз (эй мўминлар): «Аллоҳга ва бизга нозил қилинган китобга, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз У Зотга бўйсунувчилармиз».
Энди улар сизлар иймон келтирган нарсаларга иймон келтирсалар, ҳақ йўлни топибдилар. Юз ўгирсалар, у ҳолда, шубҳасиз, сизларга нисбатан гина ва адоватлари бордир. Уларнинг ёмонлигидан сизга Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. У Эшитгувчи, Билгувчидир.
Айтинг: «Бизнинг ҳам, сизнинг ҳам Парвардигорингиз бўлган Аллоҳ хусусида биз билан жанжаллашасизми? Ҳолбуки, бизнинг қилган амалимиз ўзимиз учун, сизнинг қилган амалингиз ўзингиз учун-ку? Биз фақат Унгагина ихлос билан ибодат қилувчилармиз».
Ёки «Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва ўша авлод яҳудий ё насроний бўлган», дейсизми? Айтинг: «Сизлар яхшироқ билгувчимисиз ёки Аллоҳми? Аллоҳ томонидан бўлган гувоҳликни яширган кимсадан ҳам золимроқ одам борми? Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмас».
Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалларингиз ўзларингиз учундир. Ва сизлар улар қилган амаллар учун масъул бўлмайсиз.