Ким васият қилгувчи томонидан бирон тойилиш ёки гуноҳ содир бўлишидан хавфсираб, ораларини ислоҳ қилиб қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Албатта, Аллоҳ Кечиргувчи, Раҳмлидир.
(Рўза) саноқли кунлардадир. Энди сизлардан бирор киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. Рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискиннинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса, ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун яхшироқдир.
(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойда ҳозир (сафарга чиқмаган) бўлса, рўза тутсин. Ким хаста ёки мусофир бўлса, саноғини бошқа кунларда тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд, шукр қилсангиз.
Бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам Менга жавоб қил(иб, итоат эт)синлар ва Менга иймон келтирсинлар. Шояд, шунда тўғри йўлни топсалар.