(Бани Исроил Ийсо алайҳиссаломни хочга осишни ва ўлдиришни хоҳлаб, қўлларидан келган макр-ҳийлаларни қилдилар. Аллоҳ эса у кишини қутқаришни ва Ўзига кўтаришни ирода қилди. Аллоҳнинг тадбири амалга ошди. Маккор яҳудийларнинг ҳийласи ўтмади.)
(Аҳли китоблар Одам алайҳиссаломнинг тупроқдан яратилганини, Аллоҳнинг пуфлаши оқибатида жон кирганини яхши билишади. Бу ҳақда ҳеч қандай ихтилоф қилишмайди. Йўқ ердан Одам алайҳиссаломни яратган Зот Ийсо алайҳиссаломни тирик юрган Марямдан отасиз ҳолда ярата олмайдими?! Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодир эканлигига ишонган эси бор одам бўлса, албатта бунга иқрор бўлади.)
( Оли Имрон сурасининг аввалидан то саксон нечанчи оятигача Пайғамбаримиз ҳузурларига Нажрон насоролари келиб, дин ҳақида, Марям ва Ийсо ҳақида тортишган вақтда нозил бўлган. Исломнинг ҳақлиги очиқ-ойдин бўлиб қолганда ҳам, рақиб тараф қайсарлик билан, ўзимники тўғри, деб туриб олган. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга уларни мубоҳалага, яъни болалар ва аёлларни тўплаб, ўзлари ҳам қўшилиб, икки тараф ҳам: «Шу масалада ким ёлғон гапираётган бўлса, ўшанга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб дуо қилишга чақиришни буюрди.)