(Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло тафаккурингизни, хаёлингизни, ниятингизни ёки гапу сўзингизни зое қилмайман, дегани йўқ. Балки, амалингизни зое қилмайман, демоқда. Демак, Аллоҳнинг ўлчовида энг эътиборга сазовор нарса амалдир. Яхшилик йўлида қилинган амал, Ислом дини назарида, ибодат даражасига кўтарилади. Амал қилувчи иймонли бўлса бўлди. Унинг кимлигидан қатъий назар, амали зое бўлмайди.)
(Бу дунёнинг қизиқ ишларидан бири шуки, мўминлар, аброрлар азоб-уқубатга дучор бўлиб, юртларидан ҳижрат қилиб чиқиб ёки ҳайдаб чиқарилиб ёки қамоқларга ташланиб, Аллоҳнинг йўлида азиятлар чекиб турган бир пайтда, кофирлар кибру ҳаво, дабдабаю тантана билан юрт кезадилар. Ҳаммага ўзларини кўз-кўз қиладилар. Бу ҳолат мўминларни хафа қилиб, нимага бундай бўлади, деган саволни кўнглига солиб, адаштириб, алдаб қўйиши мумкин. Ушбу оят ана шунақа алдовга берилиб қолмасликни мўминларга Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом орқали тайинламоқда.)
(Сабр ила ғолиб келиш муҳим нарса, чунки қарши тараф ҳам ўзига яраша сабрлидир. Демак, икки томоннинг сабрлари курашида мўминларнинг сабри ғолиб келиши керак. Буни шаръий истилоҳда «мусобара» дейилади. Биз «курашга бел боғлаб туринг» деб таржима қилган ибора эса, «муробата» дейилиб, ибодат жойида ёки мусулмонларни душмандан ҳимоя қилиш жойида бардавом бўлиш маъносини беради.)