(Яҳудийлар доимо Аллоҳ таоло тўғрисида ёмон тасаввурда, ноҳақ ақидада бўлганлар. Улар мўътабар ҳисоблайдиган китобларида ҳам бу нарса ўз аксини топган. Бўлмаса, Аллоҳ камбағал, биз боймиз, дейишармиди? Аллоҳ уларнинг бу беодоб гапларини эшитмайди, деб ўйлашади. Аммо улар нотўғри ўйлашади. Қиёмат куни фаришталар Аллоҳнинг номидан уларга: «Куйдирувчи азобни татиб кўринг!» дейдилар.)
(Яъни, ҳозир Пайғамбар алайҳиссаломдан мўъжиза келтиришни сўрашяпти. Мўъжизани келтирсалар, у кишига иймон келтиришга ваъда қилмоқдалар. Лекин Қуръони Карим уларни ўзларининг бошидан ўтган воқелик билан юзма-юз қўймоқда. Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломга хитоб этиб, уларга: «Мендан олдин ҳам сизларга пайғамбарлар очиқ-ойдин баёнотлар ва сиз айтган нарса (яъни, мўъжизалар) билан келганлар. Агар (мўъжизани кўрсак, иймон келтирамиз деганингизда) ростгўй бўлсаларингиз, нимага уларни ўлдирдингиз?» деб айт», дейди.)
(Қиёмат кунида заррача яхшилик ҳам, заррача ёмонлик ҳам ҳисоб-китоб қилинади. Ҳар бир инсонга қилганига яраша мукофот ёки жазо тўлиғича берилади. Ана ўшанда ҳақиқий ютуққа эришган киму, мағлубиятга учраган ким экани маълум бўлади.)
(Барча ақида ва даъватларда, албатта, бало-офат ва синовлар бўлиши шартдир. Душманлардан озор эшитиш ва жафо кўриш ҳам бор нарса. Бундай пайтларда сабр-тоқатли, чидамли бўлиш ва Аллоҳ таолога тақво қилиш зарурдир. Чунки бу йўл олий мақсад йўлидир. Жаннат йўлидир. Жаннат йўли доимо тиканлар билан ўралган бўлади. Дўзах эса, шаҳвоний ишлар, лаззатлар билан ўралган бўлади.)