(Маълумки, мусулмонлар Уҳуд ғазотида қисман мағлубиятга учрадилар. Бу иш Мадинаи Мунавварада улар билан бирга яшаб турган кофир ва мунофиқларга иғво учун катта баҳона бўлди. Бадр ғазотидаги ғалабадан сўнг ҳамма мусулмонларга ҳавас билан қараб, улар билан ҳисоб-китоб қиладиган бўлиб қолган эди. Аммо Уҳуддан кейин барча иш тескарисига айланди. Кофир ва мунофиқлар мусулмонларга паст назар билан қарайдиган, уларга насиҳат қиладиган ва ўзларича «тўғри йўл» кўрсатадиган бўлиб қолдилар.)
(Йўқ, улар сизга ёрдам ҳам бера олмайди, ҳомий ҳам бўла олмайди. Балки Аллоҳ таоло сизнинг Хожангиз ва Валийингиздир. Ҳақиқий ёрдам берувчиларнинг яхшиси ҳам ёлғиз Удир.)
(Агар мўминлар ҳақиқий иймон эгалари бўлсалар, улар ҳар қачон кофирлар билан тўқнашганларида, Аллоҳ таоло кофирлар қалбига қўрқувни солиб қўяди. Чунки кофирлар ҳужжатсиз, қувватсиз, имконсиз нарсаларга таянадилар.)
(Уҳуд жангида ғолиб келиб турган мусулмонлар бирдан мағлубиятга учрашлари исён, сусткашлик ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрларига хилоф қилиш оқибатида юзага келди. Ҳолбуки, Бадр ғазотида мусулмонлар сонлари, қуроллари оз бўлса ҳам, ғолиб келган эдилар. Бу эса, ўз навбатида, Аллоҳнинг мўминларга нусрат беришига ваъдаси мўминларнинг Аллоҳнинг амрига тўлиқ амал қилишларига боғлиқ эканлигини кўрсатади.)
(Аллоҳ таоло Уҳуд урушида сизга ғам устига ғам берди. Аввало жароҳат етди; кўпчилик қатл бўлди; мушриклардан мағлуб бўлдилар; ўлжадан қуруқ қолдилар; ғалабани қўлдан чиқардилар ва энг улкан ғам — Расулуллоҳни оғир ҳолда ташлаб қочишлари ва у зотнинг бошлари ёрилиб, тишлари синиб, ёноқларига темир ҳалқаларнинг кириши бўлди. Мана шу охирги ғам ҳамма ўтган нарсаларни ва етган мусибатларни унутдириб юборди.)