(Мунофиқлар ўз биродарларига ва урушга чиқмай уйда ўтирганларга ўзларини ҳақ кўрсатиб, айбни жанг қилганларга ағдара бошладилар. Уларнинг фикрича, Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрларига итоат қилганлари хатолик бўлган. Агар мунофиқларга итоат қилганларида тўғри бўлар эмиш. Бу даъво тагида ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан бўлишини инкор этиш ётади.)
(Ушбу оятлар Аллоҳ йўлида жиҳод қилиб қурбон бўлган бандалари мақомларининг баёнидир. Уларни «ўликлар» деб ҳисобламасликка амр, улар тирик эканликлари ва Роббилари ҳузурида ризқланаётганларининг хабаридир. Демак, шаҳидлар ҳақидаги тасаввур шундай бўлиши керак.)
(Яъни, ўша мўминларга баъзи кишилар келиб, қурайшликларнинг уларга қарши кўп куч тўплаганларини айтиб, улардан қўрқинглар, деганида, мўминлар қўрқиш ўрнига, иймонлари зиёда бўлди. Шу билан бирга, «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом ўз саҳобаларидан бирига: «Бошингга оғир иш тушганда, «Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакийл», дегин», деганлар.)