(Ояти каримада аҳли китобларнинг, хусусан, яҳудийларнинг аҳдни бузиб, хиёнат қилишлари ўзига хос услуб ила баён этиляпти. Аслида, Аллоҳ уларга китоб бераётган пайтда, бу китобни албатта, одамларга баён қиласиз ва беркитмайсиз, деб аҳд олган эди. Жумладан, улар келишининг хабари ўз китобларида берилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг васфлари ва у киши ҳақидаги маълумотларни беркитмасдан одамларга баён қилишлари керак эди. Улар рози бўлиб, аҳд бериб олган бўлсалар ҳам, аҳдни буздилар.)
(Осмонга назар солиб, ақлини ишлатган одам, ерга назар солиб, ақлини ишлатган одам, кечаю кундузнинг алмашишига назар солиб, ақлини ишлатган одам, албатта, Аллоҳнинг ягоналигига, қудратига, яратувчилигига қойил қолмасдан иложи йўқ.)
(Ушбу ояти карималардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб иккинчиси бўлмаса ҳам, иш битмас экан. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларда эслаш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатга олий мақомга эришгандагина ушбу даражага кўтарилади. Шундай даражада тафаккур қилган одам қалби соф ҳолга келади ва дуо қилса, ижобат бўладиган мақомга етади.)