(Яхши экинзор бор. Кўрган одам хурсанд бўлади. Аммо экинзорнинг эгаси зулм қилди, гуноҳкор бўлди. Шу сабабдан совуқ шамол келиб, экинларини совуқ уриб кетди. Экинзор ҳалок бўлди. Ҳеч нарса қолмади. Кофирларнинг бу дунёда қилган хайр-эҳсонлари ҳам худди шунга ўхшайди. Сиртдан кўрган одамга савобли иш. Яхшиликка пул-мол сарфлаяпти. Аммо эгасининг иймони йўқ. Бу эса, катта гуноҳ. Иймон бўлмаса, ҳеч қандай хайр-эҳсон қабул бўлмайди. Унга савоб берилмайди. Совуқ шамол экинзорни ҳалок қилганидек, уларнинг кофирлиги ҳам эҳсонларини бефойда қилади.)
(Мусулмонлар соддаликлари учун ўзларидан бошқалар уларга чиройлироқ муомала қилиб, бир оз мақтаб қўйса, бўлди, муҳаббат қўяверадилар, уларни ўзларига сирдош қилиб олаверадилар. Бу хато ишдир, чунки қарши тараф ҳеч қачон мусулмонларни яхши кўрмайди. Мусулмонлар Аллоҳдан тушган ҳамма китобларга, жумладан, ўзларига душманлик қилаётганларга тушган китобларга ҳам иймон келтирадилар. Бу хато эмас, балки мусулмонлик бурчидир.)