(У кунда ҳар бир жоннинг яхшилигию ёмонлиги охиригача сарҳисоб қилинади. Агар банданинг бу дунёдаги амаллари яхши бўлса, хурсандчиликка, бахтга, саодатга эришади. Ёмон бўлса, қани энди ушбу ёмон амаллар олис-олисларда бўлса эди, менга яқин бўлмаса эди, деб орзу қилади.)
(Ушбу оятда Аллоҳ таоло Одам ва Нуҳ алайҳиссаломларнинг ёлғиз ўзларини Иброҳим ва Имрон алайҳиссаломларни эса, сулолаларини ҳам қўшиб зикр қилди. Нега? Чунки Одам ва Нуҳ алайҳиссаломлар ёлғиз ўзлари пайғамбар бўлганлар. Иброҳим ва Имрон алайҳиссаломлар зурриётларидан бевосита пайғамбарлар сулоласи тарқалган. Бу насаб ёки қариндошлик асосидаги пайғамбарлик сулоласи эмас, балки ақида асосидаги сулоладир. Бу ҳақиқат Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга илтижо қилиб, зурриётларидан ҳам пайғамбар чиқаришини сўраганларида баён қилинган.)
(Шундай қилиб, Марям алоҳида эътибор остида муборак бўлиб ўса борди. Аллоҳ унга Ўзи иноят кўрсатиб турди. Закариё алайҳиссалом Марямнинг кафили сифатида, табиийки, унинг озиқ-овқати, ризқидан доимо хабардор бўлиб туриши лозим. Лекин ибодатхона меҳробида ибодат билан машғул бўлиб турган Марямнинг олдига қачон кирса, унинг ҳузурида ризқ турар эди.)