(Бу хитоб Уҳуд уруши чоғидаги ва ундан олдинги ҳолатни мусулмонларнинг ёдига солиш учундир. Маълумки, Бадр урушида кўпчилик қатнаша олмай қолган эди. Бадрдаги ғалаба, унда шаҳид бўлганларга ваъда қилинган олий даражаларни билгандан сўнг, яна ғазот бўлса эди, биз ҳам савобга эришар эдик, шаҳид бўлсак, ушбу олий даражаларга эришар эдик, деган орзу кўпчиликнинг хаёлини қамраб олган эди.)
(Кимки Исломнинг улуғ неъмат эканини тушуниб етса, шукр қилса, яъни Исломни ўзига ҳаёт йўли қилиб олиб, Аллоҳга бу неъмат учун ҳамду сано айтса, Аллоҳ таоло унга мукофот беради. Уҳуд ғазотида бўлиб ўтган бу ҳодиса ва унинг баёни бўлиб тушган ушбу оят орқали Аллоҳ таоло мусулмонларни Пайгамбар алайҳиссаломнинг шахсларига ортиқча ёпишишдан қайтариб, асосий манбаъга қарашга одатлантиришни хоҳлаган. Мусулмонлар тўғридан-тўғри Аллоҳнинг Ўзига мурожаат қилишни ўргансинлар. Улар Аллоҳнинг олдида ўзларини масъул эканликларини сезсинлар.)