(Маълумки, насоролар Аллоҳ уларга юборган пайғамбар Ийсо алайҳиссаломни «худо» деб эътиқод қилганлар ва қиладилар. Уларга, нимага Ийсони худо дейсизлар? дейилса, ўзи айтган, бизни ибодатини қилишимизга буюрган, дейишади. Аҳли китоблар билан бўлган тортишувларда бу масала ҳам қўзғалган бўлиши турган гап. Бу мақомда ҳақиқат нимада эканлигини ушбу оят баён қиляпти.)
(Ушбу ояти каримада ажойиб бир кўриниш васф этилмоқда: ҳамма пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланишган. Бу улкан йиғилишда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло пайғамбарларнинг ўзларини гувоҳ қилиб туриб, ўзи ҳам бу гувоҳликка қўшилиб туриб, улардан ишончли, таъкидланган аҳду паймон олмоқда. Демак, пайғамбар алайҳиссаломлар ўз умматларини ўзларидан кейин келадиган пайғамбарга иймон келтириш ва унга ёрдам бериш руҳида тарбиялаб келишган. Уларнинг барчалари бир силсиланинг халқларидир.)
(Аллоҳнинг дини битта. Ҳамма пайғамбарлар шу дин билан келганлар. Бир-бирларини тасдиқлаб, бир-бирларига ёрдам бериб, Аллоҳнинг динига ўз даврларида хизмат қилиб келганлар.)