(Қиёматда шафоат қилгувчиларнинг улуғи ва ишончлиси Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом эдилар. Аммо кофирлар у зотга бу дунёда иймон келтирмадилар. У киши алайҳиссалоту вассаломнинг шафоатларидан умид қила олмайдилар. Қиёматда шафоат қилувчиларнинг яна бири Қуръони Карим эди. Аммо кофирлар унга ҳам иймон келтирмадилар. Демак, Қуръони Каримнинг шафоатидан ҳам умид қила олмайдилар. Қиёматда шафоат қилувчи воситалардан бири иймон эди, иймонлари йўқ. Имкони бўлса эди, улар бу дунёга қайтиб, аввал қилган гуноҳларини такрорламай, иймон ва ихлос билан яшашга жон деб кўнардилар. Балки бирдан-бир орзулари шудир. Аммо бунинг сира ҳам иложи йўқ.)
(Ислом ақидасига кўра, Аллоҳ таоло ўхшаши йўқ Зотдир. Ким уни бирор нарсага қиёслашга уринса, кофир бўлади. Нега, нима учун, деб сўраш ҳам мумкин эмас. Аллоҳ таоло осмонлару Ерни яратгани ҳақ. Аммо қандай усулда яратганини билмаймиз. Уларни олти кунда бунёд этганлиги ҳам ҳақ. Аммо бу кунлар қандай кунлар эканини билмаймиз. Билишга имконимиз йўқ. Бу кунлар ҳам Аллоҳ таолонинг ўзига хос бўлган кунлардир. Аллоҳ таоло аршга юксалгани ҳам ҳақ. Аммо қандай, нечук юксалиш эканини билмаймиз. Бу ҳақда сўраб-суриштирмаймиз ҳам. Ўтган салафи солиҳларимиз бундай масалаларни қўзиганларни бидъатчи, бузғунчи, фитнакаш, деб атаганлар ва баъзиларини жазолашга ҳукм қилганлар.)