(Ўтган ояти каримада келганидек, кийимсиз ҳолда ибодат-тавоф қилиш ёхуд жанда, ямоқ-ясқоқ кийим билан бажариш ибодат фазли ва савобини зиёда этмайди. Лекин табиати бузуқ кишилар бузуқ диндорликка уринадилар, тақвони жулдур кийимлар ила ҳосил бўладиган этиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ таоло эса, энгил-бошда ҳаддан ошиб фахр ва ғурурга кетишни қоралаганидек, унинг паст ва табиатсиз ҳолда истеъмол қилинишини ҳам қоралайди.)
(Ушбу оятлар эгниларига кийим киймай тавоф қилишни, ҳаж мавсумида яхши таом истеъмол этмасликни ўзларига русум қилиб олиб, бу Аллоҳ амри, деб юрган араб мушрикларининг қилмишлари нотўғри эканини билдириш учун тушгани ва бу орқали ҳамма замон кофирларига хитоб қилинаётгани бошда айтиб ўтилган эди. Яланғоч ҳолда тавоф қилиш жоиз эмаслигини тушуниб етган мусулмонлар кийим-бош билан тавоф қилишса, мушриклар уларнинг устиларидан кулишган. Шунда Аллоҳ таоло мазкур ояти каримани нозил қилган.)
(Дунёга келган ҳар бир шахснинг белгилик ажали бўлиб, ўша ажал келганда бу дунёни, албатта, тарк этиши ҳақиқат. Шунингдек, оламдаги ҳар бир уммат — халқ ва қавмнинг ҳам белгилик ажали бор. Бу ажал муқаррар суратда, ўз вақтида келади. Уни на бирор соат олдинга, на бирор соат ортга сура оладилар.)