(Маълумки, Исроил лақабини олган Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн иккита ўғиллари бор эди. Аллоҳ ана ўша ўн иккита ўғилдан тарқалган фарзандларнинг ҳар бирини бир жамоа — қабила қилиб қўйди. Саҳрода сув билан таъминлашнинг устига, Бани Исроил бошида булутни соябон бўлиб сузиб юрадиган қилиб қўйди. Улар қаерга бормасинлар, бошлари узра булут соя солиб турар эди. Таом сифатида осмондан манн (асалли ҳалво) ва бедана гўштини ҳозир қилиб қўйди.)
(Улардан зулм қилганлари айтишлари лозим бўлган «Ҳиттатун» деган иборани, «Ҳинтатун», яъни «буғдой» деган сўзга алмаштирдилар ва шаҳарга сажда қилган ҳолларида эмас, ортлари билан сурилиб кирдилар. Ана шу итоатсизлик ва зулмлари учун Аллоҳ таоло уларнинг устидан азоб туширди.)
(Оятдаги бу хитоб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга қаратилгандир. Аллоҳ ул зотга яҳудийлардан уларнинг тарихида бўлиб ўтган машҳур воқеа ҳақида сўрашга амр қилмоқда. Бани Исроилнинг талабларига биноан ҳафтанинг шанба куни улар учун байрам, дам олиш куни қилиб белгиланди. Бу куни уларга ишлаш ва тирикчиликка уриниш ҳаром қилинди. Соҳил бўйидаги мазкур қишлоқда яҳудийлар учун катта синов бўлди. Шанба куни балиқлар соҳилга келиб очиқ-ойдин кўриниб, кўзларини ўйнатиб юрар эди. Шанба кунидан бошқа куни эса ҳеч бир балиқ кўринмасди. Шунда Бани Исроилдан баъзилари чидаб тура олмай ман қилинган амрни буздилар. Ривоятларда келишича, улар шанба куни алоҳида тўсиқлар ташлаб, соҳилга келган балиқларни қайтиб кета олмайдиган қилиб қўйишар ва якшанба куни йиғиб олишар, шу билан бирга, биз Аллоҳнинг амрини бузганимиз йўқ, шанба куни дам олдик, ов қилганимиз йўқ, дер эдилар.)