(Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Мўмин-мусулмон банда Аллоҳга дуо қилганида, ўша гўзал исмлар ила дуо қилмоғи лозим. Имоми Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом: «Аллоҳнинг тўқсон тўққизта, бир кам юзта исми бордир. Ким уларни санаб чиқса, жаннатга киради. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўради», деганлар.)
(Яъни, Аллоҳ таоло кофир ва мунофиқларни оҳиста-оҳиста ўзларига билдирмаган ҳолда ҳалок қилади. Даставвал уларнинг хоҳлаган йўриғига юришга имкон бериб қўяди. Кофирлар бу ҳолни ўзларининг тадбири, ақли ва уринишларига йўйиб, залолатда шиддатлайверади. Охир бориб, ҳалокатга дуч келади.)
(Қиёмат Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билиши мумкин бўлмаган ҳодисадир. Лекин мушриклар Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломни синаш, ул зотни хижолат қилиш учун, қиёмат қачон бўлади, деб сўроқ қиладилар. Қиёматнинг қачон бўлиш илми Аллоҳнинг Ўзига хос илмидир. Уни ҳеч кимга, ҳатто Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга ҳам билдирмаган. У зот фақат қиёматнинг қачон бўлишинигина эмас, бошқа ғайб илмларини ҳам билмайдилар. Бу билмасликлари эса айб эмас.)