(Бу уч кишининг қиссаси ҳамма тарих китобларимизда, тафсир ва ҳадис китобларимизда ривоят қилинган. Мазкур уч киши Каъб ибн Молик, Мирора ибн Робиъ ва Ҳилол ибн Умаййа ал-Воқифийлар мунофиқ эмас, балки чин мусулмон бўлганлар, лекин хато қилиб, Табук ғазотига бормай қолганлар.)
(Яна ҳаммаёқ тўла ажр-савоб. Катта-кичик бўлсин, нафақа қилсалар бас. Унга ҳам ажр-савоб берилади. Душман томон бирон водийни кесиб ўтсалар ҳам ажр-савоб ёзилади. Ёзилганда ҳам мужоҳиднинг умрида қилган энг яхши амалининг савоби ёзилади. Шундай бўлиб тургандан кейин нима учун энди сафарбарликдан қочиб, жиҳоддан ортда қолиш керак экан?)
(Ушбу ояти каримадаги мўминларнинг ҳаммалари бирдан жиҳодга чиқишлари лозим эмаслиги ҳақидаги маъно, бошқа оятлардаги ҳамма чиқиши лозимлиги ҳақидаги маъноларга қарама-қарши келмайди. Ҳар бир оятга мақомга қараб амал қилинади. Баъзи вақтлар бўладики, ҳамма жиҳодга чиқиши тақозо қилинади. Баъзи вақтларда эса, ҳамманинг чиқиши шарт эмас. Керакли даражада чиқса етади. Ҳамма нарса вазиятга қараб, Ислом жамияти раҳбарлари томонидан аниқланади. Биз ўрганаётган бу оятда ҳамма жиҳодга чиқиши лозим бўлмаган ҳолат ҳақида гап кетмоқда.)