(Мазкур мунофиқлар қурган масжиддан ҳеч қандай фойда йўқ эди. Чунки улар ўз масжидларини Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом биринчи бўлиб тиклаган Қубо масжиди ёнида қурган эдилар. Шунинг учун бу масжид Масжидул Зирор — зиён масжиди, деб номланди. Бу масжиднинг куфр учун қурилди, дейилишига сабаб мунофиқлар уни ўзларига марказ қилиб, куфр ишларини ривож топтириш мақсадида эдилар. Ояти карима маълум шахслар, маълум масжид сабабли тушган бўлса ҳам, унинг маъноси умумийдир. Мунофиқ ва кофирлар барча жойларда ва барча замонларда Исломга зиён етказиш учун, куфрни ривожлантириш учун, мўмин-мусулмонлар орасига тафриқа солиш учун, Аллоҳ ва Унинг Расулига уруш очганларга кузатиш жойи бўлиш учун кўплаб Масжидул Зирорлар қурганлар. Бу ҳолат динсиз давлатлардаги масжид ва диний муассасалар мисолида жуда ҳам равшан намоён бўлган.)
(Ушбу савдо алоқасида Аллоҳ таоло харидору, мўмин инсон сотувчи. Мўмин-мусулмон бўлиш билан инсон ўз жони ва молини Аллоҳга сотади. Аллоҳ таоло эса мўмин мусулмон бандасига жонингни ва молингни Менинг йўлимга тиксанг, Мен бунинг эвазига жаннатни бераман, деб сотиб олади. «Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат звазига сотиб олди», дегани шу маънони англатади. «Сотиб олди», яъни савдо тугади. Шунинг учун ҳеч бир мўмин-мусулмон шахс савдони бузмасликка, Аллоҳга сотган жони ва молини беришга доим тайёр турмоғи лозим.)