(Маълумки, Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом аввалда мунофиқларга нисбатан жуда ҳам кечиримли бўлганлар. Уларнинг кўпгина беодоблик ва душманликларини авф қилганлар. Ҳатто баъзи саҳобалар ҳаддан ошиб кетган мунофиқларни ўлдиришга изн сўраганларида ҳам, қўй, одамлар, ўз шерикларини ўлдиряпти, демасин, деганлар. Аммо ушбу ояти карима энди юмшоқ муомалаларнинг вақти ўтганини, энди мунофиқларга ҳам кофирларга қилгандек муомала қилиш вақти келганини билдирмоқда. Уларга қарши жиҳод қилиб, қаттиққўл бўлиш тайинланмоқда. Уламоларимиз Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом мунофиқларга қарши уруш қилмаганларини, уларни ўлдирмаганларини алоҳида таъкидлайдилар. Лекин шу оятдан кейин муомала кескин ўзгариб, уларга нисбатан қаттиққўл бўлинган ва кирдикорлари аёвсиз фош этилган.)
( Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг вақтларида мунофиқлар бир неча бор куфр гапларни айтганларидан кейин тониб, айтганимиз йўқ, деб қасам ичишган. Ояти каримада ўша ҳақиқат таъкидланиб, улар куфр гапни айтганлари ва шу билан мусулмонликдан чиқиб қайта кофир бўлганликлари баён қилинмоқда. Оятдаги «ета олмаган нарсаларга қасд қилдилар»дан мурод Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломни ўлдирмоққа қасд қилганлари ва мақсадларига ета олмаганларидир.)