(Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом замонларида яшаган мунофиқлар ҳар доим мусулмонлар билан бирга юрганларидан, нозил бўлаётган оятлар ва суралардан хабардор эдилар. Улар баъзи вақтларда сура нозил бўлиб, ҳеч ким билмайдиган яширин ишлар ҳам фош қилинаётганининг жонли гувоҳи эдилар. Ўзлари мунофиқлик қилиб, яширин гаплар айтиб ёки дилларида Исломга, мусулмонларга қарши ўй-фикрларни тугиб юришар эди. Аммо, бирон сура нозил бўлиб, қалбимиздаги сирни очиб қўймаса эди, деб қўрқардилар ҳам.)
(Яъни, агар мунофиқлардан ўша истеҳзо қилиб айтган гаплари ҳақида сўрасанг, улар, биз ҳеч нарса деганимиз йўқ, фақат шундай ўзимизча гаплашдик, ўйнашдик, холос, дейдилар.)
(Сиз қилар ишни қилиб қўйиб, узр айтишингиздан фойда йўқ. Иймон келтиргандан сўнг, унда собит турганингизда, бошқа гап эди. Аммо сиз иймондан кейин куфр келтириб, мунофиқ бўлдингиз. Энди узр айтманг. Билмасдан, жаҳолат билан сизга қўшилиб қолган тоифани афв этсак ҳам, бошқаларингизни жиноятчи бўлганларингиз учун, албатта, азоблаймиз.)
(Мунофиқлар қаерда бўлсалар ҳам, кимлигидан қатъий назар, эркак-аёл бўлсин, нима иш қилмасин, барибир мунофиқдир. Ҳаммалари ҳам бир гўр. Чунки асллари бир. Кўрсатадиган фаолиятларининг маъноси бир.)