(Улар ўзлари хоҳлаб пасткашлик қилдилар. Шу сабабдан қалбларига муҳр босилди. Энди улар ўз фойдаларини англамайдилар. Агар англаганларида жиҳоддан қочмас эдилар.)
(Булар мунофиқларга ўхшаб молу дунёга берилиб, унинг кетиб қолишидан қўрқиб, бахиллик қилмадилар. Топганларини Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодга сарфладилар. Улар мунофиқларга ўхшаб жонлари ширин кўриниб, қўрқиб, урушдан қочиб, хотин-халаж орасига кириб ўтириб олмадилар. Улар Аллоҳнинг розилиги учун, Унинг йўлида шаҳид бўлишни орзу этиб жиҳод қилдилар. Шунинг учун уларга барча яхшиликлар берилади. Шунинг учун улар нажот топадилар.)
(Араб тилида «аъробий» деб саҳрода истиқомат қилувчи арабларга айтилади. Уларнинг ичидан ҳам Табук урушига бормай қолганлари бор эди.)
(Урушга ярамайдиган заифҳол кишилар, беморлар ёки урушга бориш учун керак сарф-харажатларни кўтара олмайдиган одамлар урушга бормай қолсалар, айб эмас. Гуноҳ ҳам бўлмайди. Чунки Ислом инсонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.)
(Бу тоифадагилар ўзлари соғ-саломат, бақувват, урушга ярайдилар. Рағбатлари ҳам бор. Урушга бориш учун жўнаб йўлга ҳам чиққанлар. Аммо Табук узоқ жой бўлгани учун миниб оладиган улов керак. Уларнинг эса, уловлари йўқ. Шунинг учун Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг олдиларига улов сўраб келишган.)