И з о ҳ. Аллоҳни ва Унинг пайғамбарларини тасдиқ қилувчи ва Унинг шариатига амал қилувчи ушбу умматдан бўлган мўминлар, шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлишларидан илгари яшаган яҳудий, насроний ва собиийлардан (бирон муайян динга эргашмаган, табиий фитрат устида қолган қавмлардан) иборат ўтмиш халқлар — ана ўшалар ҳаммаси агар Аллоҳни ҳамда қайта тирилиш ва жазо кунини чин дилдан тасдиқласалар, Аллоҳ рози бўладиган амалларни қилсалар, уларнинг ажру савоблари Роббилари ҳузурида собитдир. Уларга ўзлари юзланажак Охират ишларида ҳеч бир хавфу хатар йўқдир, қўлларидан кетган дунё ишларига ғамгин ҳам бўлмайдилар. Аммо, бутун инсониятга энг сўнгги пайғамбар бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларидан кейин Аллоҳ таоло у зот олиб келган диндан — Исломдан бошқа бирон динни ҳеч кимдан қабул қилмайди.
И з о ҳ. Яҳудийларга шанба куни балиқ овлаш ман қилинган эди. Улардан баъзилари шанба кунлари балиқларни қамаб, қоронғи тушиши билан тутиб оладиган бўлдилар. Мана шу жиноятлари — ўзлари учун улуғ кун ҳисобланган шанба кунида ҳаддан ошганлари сабабли мазкур жазога мустаҳиқ бўлдилар.