И з о ҳ. Маълумки, талоқ қилинган аёл иддаси битиши билан бошқа эрга тегишга ҳаққи бор. Шунинг учун хотинларини талоқ қилган эркаклар уларнинг иддалари битмай туриб яна қайтадан никоҳларига олишлари мумкин, аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Айрим кишилар хотинлари билан бирга яшаш учун қайта никоҳларига олсалар, баъзи бир кимсалар уларни бошқа турмуш қуришидан тўсиш учун никоҳларига оладилар ва шу йўл билан хотинларини талоқ олиш учун эваз тўлашга мажбур қиладилар. Мазкур оят бундай кимсаларни ўзларига зулм қилувчилар, деб атайди.
И з о ҳ. Шариат ҳукмига кўра она агар ўзи истамаса боласини эмизишга мажбур қилинмайди. Балки эр бирор эмизувчи энагага ҳақ тўлаб эмиздириши лозим бўлади. Юқоридаги боласи сабабли она зарар тортмасин, деган гапнинг маъноси — онани, ўзи хоҳламаса, эмизишга мажбур қилинмайди, деганидир. Энди бола сабабли ота зарар кўрмасин дегани — унга хотин томонидан тоқатдан ташқари талаблар қўйилмасин, деганидир. И з о ҳ. Боланинг отаси ўлса, меросхўр бўлган шахс зиммасида вафот қилган отанинг зиммасида бўлган боланинг онасини едириб-кийдириш, болани эмизувчи энагага ҳақ тўлаш каби вазифалар қолади.