И з о ҳ. Мусулмонлар Мадинага келган дастлабки даврларда Қуддусга қараб намоз ўқир эдилар. Қуддус яҳудийларнинг қибласи бўлгани учун мусулмонлар ҳам ўша тарафга қараб ибодат қилаётганларидан улар жуда ғурурланиб юрардилар. Қачонки мусулмонларга Макка тарафга юзланиб сажда қилиш буюрилганда яҳудийлар юқоридаги сўзларни айтдилар.
И з о ҳ. Ривоятларга қараганда, Аллоҳ таоло Қиёмат Кунида ҳар бир пайғамбарни ўз умматлари билан рўбарў қилиб, улардан: «Бу пайғамбарим сизларга менинг амру фармонларимни тўла етказдими?», деб сўраганида, улар: «Йўқ», деб жавоб қилишар, пайғамбар эса: «Етказганман», дер экан. Ундан гувоҳ сўралганида: «Муҳаммад алайҳис-салом ва у зотнинг умматлари гувоҳларимдир», дейди. Шунда Муҳаммад пайғамбарни умматлари билан ҳозир қилиниб: «Мана бу пайғамбар ўз вазифасини тўла адо этганми?», деб сўралганида, улар: «Ҳа, ўтган барча пайғамбарлар ўз элчилик бурчларини тўла адо этганлар. Бизга бу ҳақда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом хабар келтирганлар», дейишади. Шунинг учун мазкур оятда мусулмонларга қарата: «Одамлар устида гувоҳ бўласиз», дейилди. И з о ҳ. Араблар учун Каъба Иброҳим пайғамбар замонларидан буён муқаддас саналар эди. Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом Мадинага ҳижрат қилишидан илгари мусулмонлар мана шу Каъбага юзланиб ибодат қилардилар. Мадинага кўчганидан кейин эса уларнинг иймонларини синаш учун бошқа тарафга — Қуддусга қараб намоз ўқиш буюрилди. Ҳижратнинг ўн еттинчи ойида қайтадан Маккага юзланишга амр қилиниб қуйидаги оят нозил бўлди.