И з о ҳ. Бу оятда дунё бахт-саодати билан Охиратдаги жаннатнинг фарқи ифодаланган: эҳтимол, бу дунёда ҳам жаннатдек боғларда турли ноз-неъматлардан баҳраманд бўлиб, покиза умр йўлдошлари билан бахтиёр умр кечираётган кишилар кам эмасдир. Лекин бу бахтли ҳаётнинг биргина нуқсони борки, у ҳам бўлса бир куни тугаб қолишидир. Жаннатнинг фазилатларидан бири унинг боқийлигидир. Фақат бу боқий ҳаётга етиш учун фоний дунёда иймон-эътиқод билан яхши амаллар қилиб яшаш шартдир.
И з о ҳ. Қуръонда асалари, чивин, ўргимчак, чумоли каби майда жониворларнинг ибратли томонларини кўрсатиб берадиган масаллар келганида, баъзи бировлар: «Бу китоб илоҳий китоб бўлганида бундай майда-чуйда ҳашаротлар ҳақида гапирилмаган бўларди», дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ўша ҳашаротларни яратишга уялмагани, бинобарин уларни мисол қилишдан ҳам ҳеч қачон ор қилмаслигини баён этиб, мазкур оятларни нозил қилди.
И з о ҳ. «Аллоҳнинг аниқ кўрсатмалари» — Муҳаммад пайғамбарнинг келиши ва унга иймон келтириш лозимлиги Таврот, Инжил ва бошқа самовий китобларда ҳам аниқ кўрсатилган эди. «У боғланишига буюрган нарсалар» — ота-онага оқ бўлмасдан уларнинг ризолигини олиш, қариндош-уруғчилик ришталарини маҳкам тутиш ва бошқа мўмин-мусулмонлар билан меҳр-оқибатли бўлиш кабилардир. «Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш», одамлар орасида фитна-фасод қўзғаш, иймон-эътиқод йўлларига тўсқинлик қилиш ва бошқа бузуқ ишлар билан машғул бўлиш, деган маънони англатади.