(Ушбу ояти каримада зикр қилинган шахслар оналаримиз билан парда-ҳижобсиз муомала қилаверишлари мумкин.)
(Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломга саловот айтишининг маъноси у зот алайҳиссалоту вассаломга ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўрсатиши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.)
(Аллоҳга озор бериш — Аллоҳга ширк келтириш, унга осий бўлиш, Уни Ўзига мос бўлмаган сифатлар билан сифатлаш, динга, пайғамбарларига, китобларига тил теккизиш. Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломга озор бериш, ўша вақтда у зотга қарши чиқиш, жисмоний ва маънавий зарба бериш, шахсларига, оилалари ва умматларига нисбатан ёмонлик қилиш, иғво, бўҳтон қилишдан иборатдир. Ҳозирда ҳам худди шундай: ким у кишининг шахсларига, динларига, шариатларига, оилаларига, китобларига, суннатларига, умматларига тил теккизса, у зот алайҳиссалоту вассаломга озор берган бўлади.)
(Аллоҳ таоло мўминларга озор берувчи мунофиқ, қалбида марази бор ва миш-миш тарқатувчиларга қаттиқ чора кўрган. Уларга ўхшаганларга нисбатан Аллоҳнинг қадимдан тутиб келган йўли шудир. Бу йўлнинг ўрнига бошқа бир йўлни топа олмассан.)