(Яъни, сизларнинг бошқа ҳамма аёллардан фарқларингиз бор. Сизлар Пайғамбарнинг хотинларисиз, мўминларнинг оналарисиз. Ҳамма мўминалар учун ўрнаксизлар. Ҳа, сизлар аёллардан бирортаси каби эмассизлар. Бу мақомга эришишларингиз учун Пайғамбарга жуфти ҳалол бўлганингизнинг ўзи етмайди, тақво ҳам қилишларингиз керак. Овозингизни майин, назокатли қилиб, эркак кишига таъсир этадиган ҳолатда гапирманг. Мунофиқ ва иймони заифлар сизнинг майин овозингизни эшитиб, фисқу фужурни бошлаб қолмасинлар.)
(Жоҳилият — Исломдан олдинги тузум. У вақтда аёллар очилиб-сочилиб, ясан-тусан қилиб, эркакларнинг эътиборини ўзига тортишга интилар эдилар. Ўзларини бозорга солиб, таналари ва зебу зийнатларини кўз-кўз қилар эдилар. Бундай очилиб-сочилиб юриш «табарруж» дейилади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг покиза аёлларини жоҳилият тузумининг хотинлари каби очиқ-сочиқ юрмасликка амр этмоқда. Бу амр ҳар бир муслима аёлга тегишли, лекин ҳар бир муслимага ўрнак бўладиган оналаримизга янада қаттиқроқ тегишли экан.)
(Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг аёлларига улар яшаб турган уйлар оддий уй эмас, Аллоҳнинг оятлари нозил бўлиб, тиловат қилиниб турган манзил эканини эслатмоқда. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг суннатлари жорий этилиб, ҳадислари сўзланиб турган уйлар эканини эслатмоқда. Қуръон оятларини ва Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг ҳикматли ҳадисларини унутмасликка, уларни эслаб, англаб, ўрганиб, сўнг амал қилишга буюрилмоқдалар.)