(«Ана ўшалар» мўмин-мусулмонларга қўшилиб, сафарбарликка чиқадиганларнинг жиҳодга бўлган шаштини пасайтирадиган, урушга озгинасигина келадиган, хавф келганда мусулмонлар раҳбарига худди, ўлимимга сен сабабсан, дегандек назар соладиган, хавф кетганда, ўлжа талашиб уришадиган, иймон келтирмаган одамлардир.)
(Кофир гуруҳларнинг мусулмонларга ҳеч бир зарар етказа олмай, қайтиб кетганлари мунофиқларнинг тасаввурига сиғмайди.)
(Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом аҳзоб урушида ҳам, одатдагидек, энг гўзал намуналарни кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай, заррача қўрқмасдан, Мадинани ҳимоя қилишга чиқдилар. Салмони Форсий розияллоҳу анҳунинг фикрларини қабул этиб, хандақ қазишни бошладилар. У зот алайҳиссалоту вассалом шундай хатарли ва нозик бир пайтда мўмин-мусулмонлар учун ишонч, орзу-умид, хотиржамлик тимсолига айландилар.)
(Яъни, кофирларнинг аҳзоб бўлиб, сонсиз-саноқсиз ададда устларига бостириб келишлари мўминларга иймондан ва Аллоҳ таолога бутунлай ўзларини топширишдан бошқани зиёда қилмади. Уларнинг иймон-эътиқодлари ва мусулмончиликлари яна ҳам кучайди. Ҳа, иймон келтирган, мусулмон бўлган одамлар ана шундай одамлардир.)