(Ўз динларини ўйин қилиб олганлар, динга эҳтиром билан қарамайдиган, динни ўз хоҳишларича тўғрилашга ҳаракат қиладиганлардир. Улар мушриклардан, аҳли китоблардан ёки мусулмонман деб юрганлардан ҳам бўлиши мумкин. Улар, мен фалон динданман, дейдилар-у, аммо ўша динга амал қилмайдилар, эҳтиромини жойига қўймайдилар. Вақти келганда, ўзини диндор қилиб кўрсатишга уринадилар-у, аммо нарироққа бориб, билганларидан қолмайдилар. Улар, агар ўхшатиш жоиз бўлса, хўжайинни алдаб, ўйин-кулгу қилиб юрган хизматчига ўхшайдилар. Балки улардан ҳам баттардирлар.)
(Булар эътиқодда, ибодатда, ихлосда, таслимда, розилик тилашда ва амрни адо этишда турли нарса ва шахсларни Аллоҳга шерик қиладиганларга айтиладиган гаплардир. Бу хитоб уларнинг виждон ва ақлларига очиқчасига мурожаатдир.)
(Аллоҳ таоло бутун борлиқни, жумладан осмонлару Ерни ҳақ ила яратган Зот. Бу масала — ҳақ. Бошқа гап-сўз ёки тахминлар ҳаммаси бекор. Ушбуларни яратган Зот учун қиёматни қоим қилиб, ҳамма одамларни ўз ҳузурида жамлаб, ҳисоб-китоб қилиши ва мукофот ёки жазо бериши жуда ҳам осондир. Яъни, қиёмат куни. Дуд сурнайга ўхшаб чалинадиган асбоб бўлиб, ўша асбобни Исрофил алайҳиссалом чалганларидан сўнг қиёмат қоим бўлади. Шунинг учун ҳам қиёмат куни дуд чалинадиган кун деб ҳам номланади.)