(Етимнинг молини ейиш ижтимоий алоқаларни бузишдир. Етим заиф ҳол бўлгани учун жамият уни ҳимоя қилиши керак. Етимнинг молини ноҳақ еган одам унинг ҳаққига зулм қилган бўлади, шу билан бирга, жамият ҳаққига ҳам зулм қилади. Чунки молсиз қолган етимни энди жамият боқиши керак бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам етимни қарамоғига олган одам унинг молига яқинлашиши мумкин эмас. Магар яхши йўл билан бўлса, ўша молни ўстириш учун, кўпайтириб вояга етганда унинг қўлига топшириш учун яқинлашса, майли.)
(Дунёдаги ягона тўғри йўл — Аллоҳнинг йўли. Инсон эргашмоғи лозим бўлган бирдан-бир йўл — шу йўл. Ундан бошқа йўлларнинг ҳаммаси нотўғри йўллар. Ким уларга ёки улардан бирортасига юрса, адашади. Нотўғри йўлга юрганлар Аллоҳнинг йўлидан адашган бўлади. Аллоҳ таолонинг ушбу нарсаларни бажаришга ҳукм қилиши ҳам бандалар тақво қилиб, тўғри йўлни топишлари учундир.)
(Қуръони Карим кўплаб етук сифатларга мушарраф китобдир. У дунёга ҳам, охиратга ҳам баракадир. Бу ҳақиқатни Қуръони Каримга алоқаси бўлган ҳар бир мусулмон яхши билади. Агар дунёда яшашдан мақсад икки дунёнинг баракасига эришмоқ бўлса: «Бас, унга эргашинг». Ундан ўзга эргашишга арзигулик нарса йўқ. Бошқалар баракасиз нарсалар. Уларга эргашганлар икки дунёда мақсадларига эриша олмайдилар. Қуръонга эргашиш билан бирга, тақво ҳам бўлиши зарур.)