(Нима учун Тавротни Мусога Аллоҳ нозил қилганини тан оладилар, бироқ Қуръонга келганда, Аллоҳ башарга ҳеч нарса нозил қилган йўқ, дейдилар?! Ёки Таврот ҳам нозил бўлмаганми?! Йўқ, ундай эмас, «Таврот»ни Аллоҳдан нозил бўлган илоҳий китоб, деб биладилар. Яҳудийлар Тавротни ёзиб олишгач, ундан ўзларига мувофиқ ўринларни одамларга кўрсатишар, мувофиқ келмаган ўринларини эса, махфий тутишар эди.)
(Уммул Қуродан, Маккаи Мукаррама назарда тутиляпти. Бу муқаддас шаҳар араблар орасида қадимдан шу ном билан ҳам машҳур бўлган. Чунки бу муборак шаҳарда Аллоҳга ибодат этиш учун қурилган дунё ва башарнинг биринчи уйи «Байтуллоҳ» бор.)
(Кофир мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломни инкор қилиб, у зотга қўяётган айблар ғоят катта айблардир. Бундай ишлар Аллоҳнинг маҳбуб Пайғамбаридан содир бўлиши асло мумкин эмас. Агар фаразан кимдир бундай зулмни қиладиган бўлса, албатта, жазосини тортади ва тезда фош бўлади. Тарих бунинг кўпига гувоҳ. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг даврларида Мусайламатул каззоб, унинг хотини Сажоҳ бинти ал-Ҳорис ва ал-Асвад ал-Анасийлар шундай даъво билан чиқдилар. Аммо тезда шарманда бўлдилар. Бундай кишилар энг золим кишилар ҳисобланадилар. Уларнинг кимлигини ояти каримадаги таърифдан ҳам билиб олиш мумкин.)