(Яъни, қиёмат кунида ҳар ким ўзини ўйлаб, ўзини азобдан қутқазиш пайида бўлиб қолади. Бошқаларни тамоман унутади.)
(Яъни, қилган ношукрчиликлари, келтирган куфрлари учун уларга очлик ва хавфни кийим қилиб кийгазиб қўйди. Аллоҳнинг амри билан Маккага етти йил қаҳатчилик келгани, унинг аҳолиси ўлимтиклар, туянинг юнги ва одатда еб бўлмайдиган бошқа нарсаларни еганлари ҳаммага маълум. Шундай қилиб, Аллоҳ уларни тўқликдан очликка чиқарди. Мусулмонлар Мадинаи Мунавварага ҳижрат этиб, ўша ерда ўз жамиятларини қурганларидан сўнг эса, аҳли Маккадан хотиржамлик неъматини ҳам олиб, уларни хавф-хатарда яшайдиган қилиб қўйди. Улар мусулмонлар Маккани фатҳ этиши учун келиб қолармикан, деган хавфда яшардилар.)
(Аҳли Макка бу пайғамбарга иймон келтириш, у билан фахрланиш ўрнига, уни ёлғончига чиқарди, унга турли бўҳтонлар қилди ва озорлар берди.)
(Инсонни яратган ва унга неъматларини берган зот — Аллоҳ таолонинг Ўзигина инсонга нима ҳалол ва нима ҳаром эканини ҳам белгилаб беради.)
(Инсон неъматни розиқ Аллоҳдан олади. Шунинг учун инсоннинг ҳалол ёки ҳаром ҳақида ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқдир. Кимки ўзи ҳақсиз бўлган нарсага аралашиб, «Бу ҳалол, бу ҳаром», деса, Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон тўқиган бўлади.)
(Ушбу оятда ишора этилаётган, — Аллоҳ яҳудийларга ҳаром қилган нарсалар Анъом сурасида келган.)