(Яъни, аввал «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин. «Аъузу биллаҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради. Ушбу ояти каримадан уламоларимиз Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъузу биллаҳи»ни айтиш вожиблиги ҳукмини чиқарганлар. Чунки Аллоҳ шунга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри ҳар бир мўминга вожиб. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади.)
(Аввалги ўрганган сураларимизда Қуръондаги баъзи оятлар кези келганда маълум сабабларга кўра насх этилиб, Аллоҳ уларнинг ҳукми ўрнига бошқа оят ила бошқа ҳукм жорий қилишини билган эдик. Ушбу оятда Қуръондаги баъзи оятларнинг насх бўлишига мушрикларнинг муносабатлари билдирилмоқда.)
(Эй Муҳаммад! Сен уларга Қуръонни Аллоҳ таоло ҳузуридан руҳул қудус унвонига эга бўлган фаришта Жаброил алайҳиссалом олиб тушганини айт.)