(Қадимги Қурайш кофирлари, Муҳаммадга Қуръонни Жабр, Балзот ёки Яъийш ўргатди, деб ажам қулларнинг исмларини айтганлар. Улардан бир минг тўрт юз йил сўнгги кофирлар, Муҳаммад катта олимларни тўплаб Қуръонни ёздирди, сўнгра уларнинг ҳаммасини ўлдириб юбориб, китобни бедапояга ташлаб қўйди-да, одамларни чақириб келиб, мана менга осмондан китоб тушди, деб даъво қилди, дейишди. Ушбу уйдирмани уялмай-нетмай дарс қилиб ўтишди. Уларнинг бу уйдирмаси ўзларининг ақлсизликларига далолат эканини тушуниб етишмас эди. Кофир бўлгандан кейин шу экан-да!)
(Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва у кишининг оталари Ёсир розияллоҳу анҳу ҳамда оналари Сумаййа розияллоҳу анҳоларни ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар. Улар азобларга чидам билан сабр қилиб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумаййа розияллоҳу анҳонинг икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра Амморнинг отаси Ёсир розияллоҳу анҳуни ҳам ўлдирдилар. Бу икки улуғ инсон — эру хотин Ислом йўлида, иймон учун биринчи шаҳидлар бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди. Шунда мушриклар уни ўлдирмадилар. Одамлар Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди», дедилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом: «Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир», дедилар. Сўнг ушбу оят нозил бўлди.)