(Демак, бойларнинг бой, камбағалларнинг камбағал бўлиши синов экан. Синов бўлганда ҳам, бирларини бошқалари билан синаш экан. Бой шукр қиладими, йўқми — синалади. Камбағал ҳам сабр қиладими, йўқми — синалади. Айниқса, бойлар кўпроқ синалади.)
(Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом даъватларини, эътиқодларини, амалларини «очиқ ҳужжатлар» асосида олиб бормоқдалар. Бу очиқ ҳужжатлар ердан чиққани йўқ, балки осмондан тушган. Мушрик-кофирларнинг эса, ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки улар Роббиларини ёлғонга чиқариб қўйганлар. Мушриклар шошилтираётган нарса эса — талаб қилинган мўъжиза келгандан сўнг азобни тушириш. Бу иш Пайғамбарнинг илкидаги иш эмас. Унинг имкони ҳам йўқ, вазифасига ҳам кирмайди.)
(«Очиқ китоб»дан мурод — Лавҳул Маҳфуздир. Ер остида яширин турган бир дона дон бўлса ҳам, ҳўлу қуруқни бўлса ҳам билади, дегани, Унинг билмайдиган нарсаси йўқдир, деганидир. Бу таъриф фақат Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Чексиз ва шомил илмга эга бўлган Аллоҳ таоло, чексиз ва шомил қудратга ҳам эгадир.)