(Албатта, иймон ва тақво Аллоҳ таолодан нозил бўлган Таврот ва Инжилни, бошқа илоҳий китобларни, жумладан, Қуръони Каримни ҳаётга татбиқ этишни тақазо қилади. Таврот ҳам, Инжил ҳам Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга иймон келтиришга, у кишининг динига киришга амр қилган. Ҳамма Исломга кириши, сўнгги Пайғамбарга эргашиши ва Қуръони Каримга амал этиши лозим. Қуръони Карим келишидан олдин Таврот ва Инжилга амал қилганларида ҳам, ушбу оятдаги илоҳий ваъдага ноил бўлар эдилар. Қуръони Карим келгандан кейин унга амал қилинса ҳам, албатта, ўша ваъдага вафо қилинади.)
(Ким бўлишидан қатъий назар — хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам келишларидан олдин бутларга сиғинишни тарк этиб, ўз ҳолича, муайян бир динга эргашмасдан, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилган собиъунлар тоифаси бўлсин, хоҳ насроний динидагилар бўлсин — Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтириб, яхши амал қилиши керак. Ҳар диннинг муддати тугаб, уни бекор қилувчи дин келганда, янги динга ўтиш зарур. Муддати қиёмат кунигача тугамайдиган охирги ва мукаммал дин бўлмиш Ислом келганидан кейин ҳамма бунга ўтиши, Аллоҳга, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга, Қуръонга ва иймон келтирилиши лозим бўлган яна бошқа нарсаларга иймон келтириши ҳамда яхши амаллар қилиши лозим.)