(Яъни, қиёмат қоим бўлишига ишонмайдилар. Ишонмаганлари учун ҳам Аллоҳнинг оятлари ҳақида ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадилар. Ўзларининг ким эканларини унутиб, кибрга кетадилар. Кибр эса, уларни ҳалокатга элтади. Бу ҳалокатдан, унга элтувчи кибрдан сақланиш учун Аллоҳга ибодат этиш керак, У зотга дуо қилиш керак.)
(Аллоҳга банда томонидан қилинадиган дуо, ибодат луғатда бир хил маънони билдиради. Дуо ва ибодат хоҳ сўздан иборат бўлсин, хоҳ амалдан, банда томонидан Аллоҳ таолонинг розилигини излашдир, иймон ила Унинг розилигини сўрашдир. Дуо ва ибодат банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида ҳожатманд эканини эътироф этишидир. Ўзининг ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Бу ишни фақат иймони борларгина, қалб кўзлари очиқларгина, ўзининг кимлигини англаб етганларгина, инсоф қилганларгина, қалбида Аллоҳга нисбатан кибру ҳаво бўлмаганларгина қиладилар. Буни бандага Аллоҳнинг Ўзи буюргандир.)
(Аллоҳга ибодат қилмай, қайси томонга бурилиб кетмоқдасизлар?! Аллоҳнинг айтганини қилмай, қаён қараб кетмоқдасизлар?! Аллоҳнинг оятларига амал қилмай, қаёққа кетмоқдасизлар?!)
(Аллоҳга холис бўйсунган ҳолда, шариатга тўла амал қилган ҳолда, иймон-эътиқодни ёлғону риёдан пок ўтган ҳолда дуо-ибодат қилинг.)