(Ояти каримадаги, «... улар сиздан мустаҳкам аҳду паймон олганлар-ку?!» жумласидаги «аҳду паймон»нинг маъноси ҳақида Суфён ас-Саврий: «Яхшилик ила тутиб туриш ёки яхшилик билан ажрашиш ҳақидаги аҳд», деганлар. Робеъ ибн Анас эса: «Бу Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг: «Сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олдингиз ва фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ўзингизга ҳалол этдингиз», деган ҳадисларидан иборатдир», деган.)
(Жоҳилият даврида ўгай онага уйланиш одати бор эди. Бу кўпинча «азл»га — аёлларни зулм ила беҳуда тутиб туришга ҳам сабаб бўлар эди. Чунки аксар пайтда боланинг катта бўлиб вояга етишини, сўнгра отасининг хотинига — ўгай онасига уйланишини кутишга тўғри келар эди. Агар ўғли отаси ўлган пайтда вояга етган бўлса, ўгай онаси унга мерос тариқасида хотин бўлиб қолар эди. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилиб, бу ишни ҳаром этди.)
(Аввалда никоҳ муқаддас алоқа экани айтиб ўтилди. Албатта, бу алоқани тўғри ҳолда ўрнатиш керак. Бунинг учун эса, уйланмоқчи бўлган инсон ўзига мос жуфт танламоғи зарур. Танлаш жараёнида эътибор бериш фарз бўлган шарт — хотинликка танланаётган аёлнинг никоҳи танловчи эркакка ҳалол бўлиши керак. Ислом шариати мусулмон эркакларга айрим тоифа аёлларга уйланишни ҳаром қилган. Мазкур тоифалар ушбу оятда, бундан олдинги ва кейинги оятларда ва пайғамбарларимизнинг ҳадисларида баён қилинган.)