(Агар бефарзанд эр ўлиб, ортидан хотини қолса, мероснинг чорагини олади. Аммо ўлган эрнинг ўғилми, қизми, ўзми-ўгайми, яъни бошқа хотиниданми, кўпми, озми фарзанди бўлса, хотинга мероснинг саккиздан бири тегади. Бу ҳам васиятни ёки олинган қарзни адо этгандан кейин бўладиган тақсим. Меросхўр хотин битта бўлса, мазкур чорак ёки саккиздан бир улушни ўзи олади. Агар иккита, учта ёки тўртта бўлсалар, ўша чорак ёки саккиздан бирда шерик бўладилар. Ояти каримадаги: «Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса», жумласини, хусусан, «калола» сўзини бир оз шарҳлашга тўғри келади. Бу ҳақда уламоларимиз ҳам анча баҳс юритганлар. Бизнинг тилимизда «калола» сўзининг маъносини айнан ифода этадиган ибора йўқ. Шунингдек, араб тилида ҳам бу сўзнинг муродифи йўқ. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан одамлар «калола» ҳақида сўрашганида: «У тўғрисида ўз фикримни айтаман, тўғри бўлса, Аллоҳдан, хато бўлса, мендан ва шайтондан, яъни Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг бунга алоқалари йўқ. Калола — зурриёти ва аждоди йўқ одамдир», дедилар. Яъни, ўлган пайтида бола-чақаси, набира-чеваралари ҳам, ота-онаси, бобо-момоси ҳам йўқ бўлган одам, демакдир. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам ўз халифалик вақтларида: «Абу Бакрнинг фикрига хилоф қилишдан уяламан», деганлар. Тўрт маҳзаб соҳиблари ҳам, аввал ўтган, кейин келган уламолар ҳам шу фикрга қўшилганлар.)
(Демак, бу дунёда фақат Аллоҳга ва Унинг Расулигагина итоат қилиб яшаш лозим. Бу итоат шариатга амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга бўйсуниб, у кўрсатган дастурга амал қилиб яшаш иймонда, Исломда, диндорликда яшаш демакдир. Аллоҳнинг итоатидан чиқиб, бошқага итоат қилиш, унинг дастурини қўйиб, бошқанинг дастурига амал қилиш ширк, куфр ва жаҳаннамдир.)