(Аллоҳдан гуноҳларини кечишини сўраганларидан сўнг, у зот икки дунёнинг яхшилигини ҳам сўрадилар. Фақат охиратнинггина эмас, бу дунё ва у дунёнинг яхшиликларини сўрадилар. Бу ҳаммага ўрнак бўлиши керак. Мусо алайҳиссалом танлаб олинган етмиш нафар номидан қилган илтижолари охирида «Биз сенга тавба қилдик», дедилар. Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг сифатлари ҳақиқий Таврот ва ҳақиқий Инжилда ёзилган. Шундай бўлишини Аллоҳ таоло қадимда Мусо алайҳиссалом билан бирга мийқотга келган Бани Исроилнинг етмишта вакилига ҳам айтган. Кейинчалик шундай бўлди ҳам. Қанчадан-қанча аҳли китоблар ёки бу китоблардан бўлажак пайғамбарнинг сифатлари ҳақида маълумот олганлар Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни кўришлари билан иймонга келдилар.)
(Бурунги пайғамбарлар ўз қавмлари ва ўз замонларига, ўзларидан сўнг янги пайғамбар келгунча бўлган даврга пайғамбар бўлганлар. Улар инсоният тарихининг маълум бир даври учун масъул бўлганлар. Аммо Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом бутун олам халқларига ва қиёматга қадар кечадиган замонларга пайғамбар бўлиб келдилар. У кишининг шариатлари вақт ўтиши билан эскириб қолмайди, балки барча вақт ва маконга салоҳияти бор шариатдир. Шунинг учун ҳам Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга бутун инсониятга қарата, мен барчангизга пайғамбарман, деб айтиш ҳуқуқи берилган.)
(Яъни, Бани Исроил ёппасига ёмон бўлмаган. Мусо алайҳиссалом даврларида уларнинг орасида баъзи жамоалар ҳақ сўзлар ила одамларни ҳидоятга бошлаб, ҳақ ила уларнинг сафида адолат қилганлар. Кейинчалик Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом пайғамбар бўлиб келганларида Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳуга ўхшаш Бани Исроил аҳли шундай қилдилар.)