(«Аввал» — У барча мавжудотлар йўқлигида бор эди. «Охир» — У ҳамма нарса йўқ бўлиб кетганда ҳам Ўзи қолади. «Ошкор» — Унинг мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдиндир. «Зоҳир» — У ҳамма нарсадан-устундир. «Пинҳон» — У кўзга кўринмайди. Ҳаммадан пинҳон — махфий нарсаларни билиб турувчидир.)
(«Истиво» луғатда кўтарилиш, ўрнашиш ва эгаллаш маъноларини билдиради. Лекин Аллоҳга нисбатан бу маъноларни биз тушунгандай ҳолатда ишлатиб бўлмайди. Шунинг учун, ҳамма нарсани яратгандан сўнг, Аллоҳ уларни Ўзининг тасарруфига олди, деб шарҳланади.)
(Яъни, Агар сизлар ўзи бирор нарсага ишонувчи бўлсаларингиз, нима учун Аллоҳга ишонмаяпсизлар. Ҳолбуки, орангизда Пайғамбар юриб, сизни Парвардигорингизга иймон келтиришга чақириб турибди.)
(Оятдаги «Фатҳ» сўзи Маккаи Мукаррамани Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар Мадинаи Мунавварадан келиб мушриклардан озод қилиш маъносида айтилган.)
(Аллоҳ таоло Ўз дини йўлида сарфланадиган молу мулкни унга берилган «яхши қарз»га, яъни орага судхўрлик ва бошқа ғаразлар қўшилмаган қарзга ўхшатмоқда. Бунда эҳсон, инфоқ қилишга катта тарғиб бордир. Чунки қарзни муҳтожлар олади, Аллоҳ эса ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ, балки барчанинг Унга муҳтожлиги бор Зотдир. )
(Қиёмат куни зулмат бўлиб, албатта, бу ўша кунда рўй берадиган ҳодисаларнинг бир босқичи, холос. Ҳеч ким ҳеч нарсани кўрмай қолганда, мўминларга нур ато қилиниб, улар шодон ва шаҳдам юриб боришади. Шунда мунофиқлар: «Бизни ташлаб кетманглар, кутиб туринглар, бизга ҳам нурингиздан озгина беринглар», деб ялинишар экан. Уларга: «Ортингизга қайтиб, ўзингиз нур ахтаринг», дейиларкан. Улар қандай қилиб нур топишарди. Бу дунёда жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқишни хоҳламаган эдилар. Энди охират зулматларида хору зор бўлишлари турган гап.)
(Мунофиқлар: «Ажаб эмас, Ислом мағлубиятга учраб, мусулмонлар енгилса», деган хом хаёлларга берилиб, ғурурга кетадилар. Мунофиқларни шайтон «Сизлар тўғри иш қиляпсизлар, мабодо нотўғри бўлса ҳам, Аллоҳнинг ўзи кечиради», деб уларни алдаб қўяди. Қиёмат кунида уларга ҳеч қандай нажот йўқ.)
(Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Аввал Таврот ва Инжил каби илоҳий китоблар берилган яҳудий ва насронийларнинг вақт ўтиши билан оятда тасвирланганидек қалбларини моғор босиб, қаттиқ бўлиб қолган.)
(Ушбу оятда Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирганлар, сиддиқлар, деб аталмоқда. «Сиддиқ» аслида сўзига, эътиқодига ва амалига содиқ кишиларнинг сифатидир. Улар фазл ва мартабада пайғамбарлардан кейин турадилар. Уларнинг ҳаммаларига улуғ ажр ва қиёмат зулматида йўлларини ёритиб борадиган нур бордир. Кофирларга эса дўзах рўпара қилинади.)
(Яъни, бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққандан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса бу ҳол ўткинчидир. Яъни, ўсимликлар тезда қурийди, ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади. Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслиги керак. Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор. Албатта, бу гаплар тарки дунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳой-ҳавасдан устун бўлишга даъват, холос.)
(Қуръони Карим назарида, мусобақа бу дунё ҳаётининг ўткинчи ҳой-ҳавасларига, бойликка, ўйин-кулгуга эмас, балки Аллоҳнинг мағфиратига ва жаннатга элтувчи яхши амалларга қаратилиши керак.)
(Улар бахиллик қилиб, кишиларни ҳам бахилликка буюрсалар-да, Аллоҳга ҳеч зарари йўқ, чунки Аллоҳ беҳожат, бой ва мақталган Зотдир.)
(Ояти каримада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз пайғамбарларига юбордим деяётган равшан, очиқ-ойдин нарсалар — мўъжизалар, шариат аҳкомлари, оятлар бўлиши мумкин. Ушбу оят тушган вақтидаёқ мусулмонларни темирга эътибор беришга, ундан самарали фойдаланишга даъват қилган эди. Темирнинг одамлар учун манфаатини санаб тугатиб бўлмайди. Оятнинг охиридаги жумлада бир-икки нозик маъно бор. Жумладан, темирдан ясалган асбобларни ишлатиб, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига ёрдам берувчиларни билиши учун, деган ишора. Маълумки, Аллоҳ илмининг чегараси йўқ — ҳамма нарсани рўй беришидан аввал билиб туради. Лекин бу оятдаги «билиши»ни юзага чиқариши, халойиққа билдириши деб тушунмоқ керак. Шунингдек, «ғойибона» сўзи ҳам Аллоҳни ва Унинг пайғамбарларини кўрмасдан туриб уларни динига ёрдам беринглар, деб шарҳланади.)
(Роҳиблик, тарки дунёчиликдан иборат бўлиб, ўрисларда, монахлик, дейилади. Монахликни ихтиёр қилган эркак эркаклар монастирида, аёл эса аёллар монастирида, оила қурмай, дунёни тарк этиб ҳаёт кечирадилар. Қуръони Карим бундай роҳибликни Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломга эргашувчиларга буюрмаганини, балки улар ўзлари бидъат сифатида кейинчалик ўйлаб топиб одат қилишганини эслатмоқда.)
(Яҳудий ва насронийлар ваҳий, пайғамбарлик ва илоҳий китоблар фақат бизга хос, ўзгаларга берилмайди, деб фахрланишар эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу даъволарини рад қилиб, фазл ўзининг қўлида эканини, кимга хоҳласа, шунга раво кўришини, шу жумладан, араблардан бўлган Муҳаммад алайҳиссаломга беришини таъкидламоқда.)