(Мушрикларнинг «худолари» уларга ёрдам беришга қодир бўла олмайдилар. Лекин улар ўша «худолари» учун жон фидо қилишга тайёр турган аскарлардир. Улар учун турли хизматлар адо этадилар. Сохта худоларини ҳимоя қилиш учун ўзларини ўтга-чўққа урадилар. Булар қандай худолар бўлди?! Булар қандай бандалар бўлди? Бундай худолик ва бандалик қайси мантиққа тўғри келади?)
(У зот шундай қудратли зотки, баъзи нарсаларни ўзига қарама-қарши томондан ҳам чиқараверади. Мисол учун, ям-яшил дарахтни олайлик. У ҳўл бўлади. Таркибида сув бор. Сув эса, оловни ўчиради. Аммо Аллоҳ таоло оловга терс бўлмиш ҳўл дарахтни бир-бирига ишқаса, ўт чиқарадиган ҳолга келтириб қўйгандир. Оловга ёқилғини ҳам ўша дарахтнинг ўзидан қилиб қўйгандир. Бу улкан бир мўъжизага одамлар эътибор бермайдилар.)
(Гап шундай экан, демак дунёдаги барча нарсаларнинг тўла эгалиги ва тасарруфи қўлида бўлган Аллоҳ таоло покдир. Барча айб ва нуқсонлардан, жумладан, кофир ва мушриклар, ўлганларни қайта тирилтира олмайди, деб тақаётган нуқсондан ҳам покдир.)