(Мушриклар Байтуллоҳнинг валий-мутасаддилари бўлса, ибодатлари ҳуштак ва чапак чалишдан иборат бўлармиди? Бу ишда на Байтуллоҳга ҳурмат-эҳтиром бор ва на Аллоҳга ибодат. Фақат овоз чиқариш, тўс-тўполон қилиш. Шунинг учун ҳам оятнинг сўнгида уларга хитобан: «Бас, куфр келтирганингиз туфайли азобни татиб кўринг», дейилмоқда.) (Яъни, Бадр урушидаги азобни татиб туринг, қолганини қиёматда оласиз.)
(Ушбу сураи карима тафсири муқаддимасида келтирилган Бадр уруши ҳақидаги ривоятларда Макка мушрикларининг бойлари мусулмонларга, Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломга қарши қанчалик молу мулк сарфлаганликларини кўриб ўтдик. Кофирлар одамларини Аллоҳнинг йўлидан қайтариш учун ундан кейин ҳам, ҳозир ҳам ҳисобсиз маблағларини сарфламоқдалар. Улар ўзларича, бу харажатларни эзгулик йўлида, савоб учун сарфлаяпмиз, деб ўйлайдилар. Улар хоҳлаганларича сарфлайверсинлар, лекин бир куни келиб, худди шу сарфлаган моллари ўзларига ҳасрат-надомат бўлиб қайтади. Бунга Бадр урушига харжланган моллар мисол бўла олади. Минг-минглаб сарф қилсалар ҳам, мақсадларига эриша олмай, мағлуб бўлдилар. Охиратда эса, жаҳаннамда тўпланадилар.)
(Аллоҳ таоло кофирларни у дунёда жаҳаннамга тўплайди, уларни пок — жаннати мўминлардан ажратиб олиш учун, худди ўтинни тахлагандек, бир-бирларининг устига тахлаб туриб, дўзахга ташлаш учун тўплайди. Ҳақиқий зиён кўрувчилар ана шулар бўлади.)