(Банданинг жаннатга кириши учун иймон ва яхши амаллар бўлиши шарт. Иймонсиз ҳолда қилинган ҳар қанча яхши амалларнинг фойдаси бўлмайди. Иймони бўлиб туриб яхши амалларни қилган бандалар фақат жаннатга кириш билан кифояланиб қолмайдилар. Балки жаннатда абадий — бардавом қоладилар. Бу эса, шайтоннинг дўстлари дўзахда абадий — бардавом қолишларининг муқобилигадир.)
(Яхши амалларнинг мукофотини беришда эркагу аёлдан баробар иймон шарт қилиниб қўйилади. Иймон бўлмаса, бўлмайди. Иймони бўлиб туриб, яхши амалларни қилган ҳар бир эркагу аёл, ким бўлишидан қатъий назар, жаннатга кирадилар. Уларга бу дунёда қилган амалларининг мукофотини қилича ҳам қолдирилмай берилади.)
(Ушбу оятдаги савол бир нарсани билиш учун берилаётган савол эмас. Балки бор нарсани иқрор қилиш учун айтилаётган тасдиқ саволидир. Қилган яхши амалнинг қабул бўлишига иймон қанчалик шарт бўлса, ихлос ҳам (яъни, ишни Аллоҳнинг розилиги учун ихлос билан адо этиш) шунчалик шартдир. Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати — дини Ислом эди. Аллоҳ таоло бошқа оятларда ҳам бу ҳақиқатни баён этган. Демак, оятда Исломдан ўзга ҳақиқий дин йўқ, дейилмоқда ва бу динга одамларни янада қизиқтириш учун Иброҳим алайҳиссаломни Аллоҳ таоло Ўзига дўст тутганини таъкидламоқда.)