(Аввал айтилганидек, «дин» итоат, ибодат, жазо, мукофот ҳамда шариат маъноларини англатади. Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом фақат холис Аллоҳгагина итоат қилишга, фақат холис Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилишга буюрилганлар, фақат холис Аллоҳдангина жазо ва мукофот кутишга, фақат Аллоҳнинг шариатига амал этишга буюрилганлар. Мана шу нарса соф тавҳиддир. Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига иқрорликдир.)
(Аллоҳ таоло қиёматнинг азоблари ҳақида олдиндан огоҳлантириб қўяди. Бошларига мусибат тушганда, эй Роббимиз, аввалроқ айтмаган экансан, демасинлар).
(Ушбу жумладан билинадики, одамлар икки тоифа — Аллоҳга ёки тоғутга ибодат этадиган бўлади. Учинчи хили бўлиши мумкин эмас. Аллоҳга ибодат қилмаган одам, албатта, тоғутга, яъни Аллоҳдан ўзгага сиғинган бўлади. Мен динсизман, ҳеч нарсага ибодат қилмайман, деганлар ёлғон гапирадилар. Улар, ҳеч бўлмаса, ҳавои нафсига ёки ўзи аъзо бўлган жамиятнинг урф-одатига бўйсунадилар — ибодат қиладилар.)