И з о ҳ. Бу — меърож, яъни Аллоҳ ҳузурига кўтарилиш қиссаси бўлиб, у Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Мадинага ҳижрат қилишидан бир йил илгари воқеъ бўлгандир. Расулуллоҳ айтадилар: «Бир кеча Масжидул-Ҳаромда эканман, баногоҳ ҳузуримга Жаброил Буроқ исмли отни етаклаб келди ва мени ўша отга миндириб самога олиб чиқиб кетди. Бир зумда Қуддус шаҳрига етиб келдик. Бу ердаги Масжидул-Ақсода икки ракаат нафл намозини ўқигач, яна Буроққа миниб Жаброил билан осмонга йўл олдик. Еттинчи осмонга етгач, Аллоҳ таоло менга ва менинг умматимга кунда беш вақт намоз ўқишни фарз қилиб, деди: «Бу бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намознинг ҳар бирига ўн намоз савобини ато этурман! Демак, беш вақт намоз ўқиган кишига эллик вақт намоз савоби ёзилур. Шунингдек, бандаларимдан ким бир яхшилик қилишга азм этиб, уни адо эта олмаса бир савоб, адо эта олса, ўн савоб ато қилурман. Энди кимки, бирон ёмон ишни — гуноҳни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, у кишига гуноҳ ёзилмас, агар ўша ёмон ниятини амалга оширса, бир гуноҳ ёзилур». Парвардигоримдан ушбу вазифаларни олиб, заминга тушдим ва бир нафасда ўзимни Маккада кўрдим». Ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом меърожга чиқиб кетаётиб ҳужраларининг эшигини ёпганларида қимирлаб қолган эшик ҳалқаси осмондан қайтиб тушганларида ҳам силкиниб турган экан.
И з о ҳ. Муфассирлар айтишларича, Бани Исроил қавми ҳаромни ҳалол деб, ноҳақ қон тўкиб бузғунчилик йўлига кирганларида, Аллоҳ таоло уларнинг устига Бобил ҳукмдорини ғолиб қилиб қўяди. У ўз лашкари билан келиб, Бани Исроилдан етмиш минг нафарини қиличдан ўтказади. Уй-жойларини вайронага айлантиради. Бу Аллоҳ таоло ваъда қилган жазо эди.
И з о ҳ. Дарҳақиқат, Бани Исроил қавми яна йўлдан озиб, ўзларига юборилган пайғамбарларни қатл этишгач, Аллоҳ таоло уларнинг устига Форс мажусийларини ғолиб қилиб, улар Бани Исроил қавмининг бошига бало ёғдирган, юртларини вайронага айлантирган экан.