(Ушбу берилган нарсалар хоҳ молу дунё бўлсин, нима бўлса бўлсин — ҳаммаси бу дунёнинг матоҳи, ўткинчи ҳой-ҳавас, холос. Уларнинг ҳақиқий қадр мезонида ҳеч бир оғирлиги йўқ. Ҳақиқий қадр-қийматга, боқийликка эга нарсалар бошқа томонда — охиратда, Аллоҳнинг ҳузуридадир. Аллоҳнинг ҳузуридаги ўша нарсалар, бу дунё матоҳи каби, ким бўлишидан қатъий назар ҳамма учун эмас.)
(Яна тавозуъ ила иш кўришга даъват. Яна сабр қилишга даъват. Яна кечиримли бўлишга даъват. Яхшилар сифати бўлган ушбу сифатларга такрор-такрор даъват бежиз эмас. Аввало, бу ишларни амалга ошириш осон эмас. Қолаверса, яхши сифатларга қанча тарғиб қилинса, шунча оз.)